ЖОЙЛАРДАГИ ЖОНЛИ СУҲБАТЛАР

26 июль 2019

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида жойлашган 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида тадбир бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича вилоят судининг раиси Д.Таджибаев, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг раиси О.Исмаилов, вилоят маъмурий судининг раиси М.Абабакиров, Ойбек маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, профилактика инспекторлари, ҳокимият вакиллари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси, халқ таълими ходимлари иштирок этишди.

  Учрашувда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди раиси Д.Таджибаев суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, вилоятда жиноятчиликнинг аҳволи хусусида маъруза қилди.

Суд раисининг сўзларига кўра, Нурафшон шаҳри ҳудудида жорий йилнинг 6 ойи давомида 36 та жиноят содир этилган. ( 2018 йилнинг мос даврида  62 та жиноят содир этилган эди.) Содир этилган жиноятлар сони 26 тага ёки 41,9 фоизга камайган.

Айнан, учрашув ўтказилган Ойбек маҳалласида 4 та жиноят содир этилган. ( 2018 йилда 6 ойида 7 та жиноят содир этилган эди.) Йиғилишда айрим маҳаллаларда жиноятчилик сони ошганлиги қайд этилди.

6 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган. (Дегантепа, Янгиобод, Муқумий, Чиғириқ, Ҳуррият, Тараққиёт)

Шунингдек, маърузачи  Нурафшон шаҳар суди томонидан ўтган  6 ой давомидаги фаолияти тўғрисида ҳам ахборот бериб ўтди. Жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судида 95 та шахсга нисбатан 83 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 26 та шахсга нисбатан  25 та иш тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

 Жиноят ишларида 39 таси ёки 47 фоиз ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Ёшлар иттифоқининг кафолат хати асосида 35 нафар шахсга нисбатан 30 та иш, хотин-қизлар қўмитасининг кафолат хати асосида 10 нафар шахсга нисбатан 10 та иш, “Маҳалла” жамоат фонди  кафолат хати асосида 1 нафар шахсга нисбатан 1 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шулардан кафолат хати асосида 2 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

 Кўриб тамомланган ишларнинг 10 нафарини аёллар, 35 нафарини ёшлар, 2 нафарини вояга етмаганлар, 6 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар ташкил этган. 5 нафар судланувчи суд залида қамоқдан озод қилинган бўлса, 1 нафари суд залида қамоққа олинган.

Учрашувда ҳудудда осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликни олдини олиш, содир этилган жиноятлардан хулоса чиқариш,  жамоатчиликнинг жиноятларга биргаликда курашиш лозимлиги таъкидланди.  

Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Исмаилов, вилоят маъмурий суди раиси М.Абабакировлар ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўз фикрларини билдиришди.

Иштирокчилар томонидан берилган  саволларга жавоб қайтарилди. Бундай очиқ мулоқот ва учрашувларни кўпроқ ташкил этиш бўйича келишиб олинди.

 

Олий суд Матбуот хизмати