ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ АХБОРОТИ

12 июль 2019

“Xabar.uz” сайтида 2019 йил 10 июль куни эълон қилинган “Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсинми?” сарлавҳали мақола юзасидан

 oliysudplenumimazhlisi.jpg

         2017 йил 21 августдан бошлаб Ўзбекистон Давлат санъат музейининг  илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ахмедова Наргиза Муротхоновна фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро  судига ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

         Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2018 йил 31 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантиришдан рад этилган.

         Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 7 декабрдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, Н.Ахмедованинг апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

         Хабар.уз сайтида 2019 йил 10 июлда мазкур ишни кўриш натижалари ва Н.Ахмедова билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши бўйича журналист суриштирувига асосланган “Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсинми?” сарлавҳали мақола чоп этилган.

         Бироқ мақолада журналист келтирилган фикр ва мулоҳазалар суд қарорининг қонунийлигига, судьяларнинг мазкур ишни кўришдаги холислигига нисбатан шубҳа уйғотишига асос бўлишини инобатга олмабди.

         Мақолада Н.Ахмедова билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида унинг хомиладор эканлиги инобатга олинмаганлиги таъкидланади.

         Ҳақиқатдан ҳам, Н.Ахмедова билан меҳнат шартномаси иш берувчининг 2017 йил 29 декабрдаги К-84-сонли буйруғига асосан 2018 йил
4 январдан бошлаб Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига биноан лавозим қисқартирилганлиги муносабати билан бекор қилинган.

2018 йил 19 январда Н.Ахмедовага меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги, ишлаган даври учун ҳисоб-китоб қилинганлиги, тегишли компенсация пули ва меҳнат дафтарчасини олиб кетиши лозимлиги ҳақида ёзма хабар берилган.

Хабарнома ўз вақтида юборилган бўлишига қарамай, Н.Ахмедова МКнинг 270-моддасида белгиланган 1 ойлик муддатни ўтказиб юборган ҳолда судга даъво билан мурожаат қилган.

Ўз навбатида, суд даъвони ҳар тарафлама тўғри ва холисона кўриб, тарафнинг узрсиз сабабга кўра ўтказиб юборилган даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасига асосан ФКнинг 153-моддасига мувофиқ даъвони қаноатлантиришдан рад этган.

Н.Ахмедованинг хомиладор эканлиги ҳолати ишга тиклашга асос бўла олмайди, зеро ҳуқуқни тиклаш муддати узрсиз ўтказиб юборган.

         Журналист мазкур ҳолатга нисбатан икки ойлик огоҳлантириш муддати берилмаганлигини таъкидлайди.

         Иш берувчи эса МКнинг 102-моддасида назарда тутилган ҳуқуқидан фойдаланиб, огоҳлантириш муддати ўрнига мувофиқ келадиган пуллик компенсация тўлаган.

         Бу ҳолатлар Н.Ахмедова даъвосини у билан меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги асосида қаноатлантириш учун асос бўла олмаслигидан далолатдир.

         Шу сабабли ҳам журналистнинг Н.Ахмедова билан меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат қонучилиги бузилганлиги ҳақидаги мулоҳазалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмайди.

         Меҳнат муносабатлари бекор қилинганлиги ҳақидаги хабарномани 2018 йил 19 февралда олганлиги ҳақидаги журналист мулоҳазаларига жавоб суд қарорининг ўзида акс эттирилган бўлиб, Н.Ахмедова ойлик иш ҳақи ва боқа тўловларни 2018 йил январь ойида олганлиги ҳақида ҳужжатлар мавжуд ва бу ҳолатни судда ўзи ҳам инкор этмаган.

         Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига нисбатан берилган  кассация шикояти иш билан биргаликда кассация инстанциясида, назорат шикояти Олий судда кўрилиб, суднинг қарорини бекор қилиш учун асослар аниқланмаганлиги сабабли ўзгаришсиз қолдирилган.

         Фикримизча, муайян иш бўйича журналист ўз нуқтаи назарини билдиришда ишдаги тарафлардан бирининг манфаатига мос келадиган ҳолатларни таҳлил қилиш асосида эмас, балки холислик асосида, ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатларига тўғри баҳо бериши судлар фаолияти хусусида нотўғри фикр шаклланишининг олдини олишга, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилган бўлар эди.

Қолверса, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига жорий йилнинг 6 ойида келиб тушган 1346 та ишнинг 687 таси бекор қилингани ва ўзгартирилганининг ўзи ҳам журналистнинг “Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсинми?” деган саволига етарлича жавоб бўлади, деб ўйлаймиз.

 

Олий суд Матбуот хизмати