ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУД РАИСИ АДВОКАТЛАР ПАЛАТАСИ РАИСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

11 июнь 2019

Ўзбекистон Республикаси Олий судида Олий суд раиси Козимджан Камилов Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаровни қабул қилди. Юқори ишчанлик руҳида, дўстона ва самимий кайфиятда ўтган мазкур учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, суд процессларида адвокатларнинг иштироки, адвокатлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда Олий суд ва Адвокатлар палатаси ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Олий суд раиси Козимджан Камилов янги қурилиши режалаштирилаётган суд биноларида Адвокатлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталар экан, улар учун алоҳида хоналарнинг лойиҳа чизмалари билан таништирди. Шунингдек, Адвокатлар палатаси бу масала юзасидан Олий суд томонидан бириктириладиган масъул ходим билан доимий тартибда ишлаши мумкинлигини маълум қилди.

Суҳбат давомида суд мажлисларида адвокатларнинг иштироки билан боғлиқ муаммоларга биргаликда ечим топиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида қайд этилганидек, ҳар икки томон учун ҳам мамлакатимизда адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш ягона мақсад ҳисобланади. Жумладан, судлар томонидан адвокатларнинг ишлашлари учун қулай шароит яратилиши ҳимоянинг юқори даражада бўлишига имкон яратса, малакали ҳимоянинг таъминланиши, табиийки, судьялар ишининг сифатига, адолатли қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади.

 

Олий суд Матбуот хизмати