ТУРКИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КАССАЦИЯ СУДИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ

12 июль 2019

Олий судда Туркия Республикаси Олий кассация суди делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Олий суд раиси К.Камилов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, давлатлараро ҳамкорлик ҳар соҳада тараққий этиб бораётганлигини, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилганлигини, айниқса, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, тизимга ахборот технологияларини қўллаш борасида кенг кўламли ишлар  амалга оширилаётганини таъкидлади. 


Туркия делегацияси раҳбари Б.Каралуглу самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, юртимизнинг бой тарихига қизиқиши, қадимий Хива, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар билан танишиш ниятида эканлигини, Ўзбекистонда олиб борилаётган турли соҳадаги ислоҳотлардан хабардор эканлигини, бевосита  суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлардан мамнунлигини изҳор этди. 

Шунингдек, делегация аъзоси Али Селман Эркуш Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида бажарилаётган ишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётганини қайд  этди.

Делегация аъзолари Туркияда суд тизими фаолияти  ҳақида сўзлаб беришди.

Томонлар ўзаро тажриба алмашган ҳолда келгусида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақида келишиб олдилар.

 

Олий суд Матбуот хизмати