СУД ҚАРОРИ ҚОНУНИЙ КУЧДА

21 май 2019

“Каттақўрғон ҳақиқати” газетасининг шу йил 19 апрель 11-сонида эълон қилинган “Суд қарори нохолис бўлса, додингни кимга айтасан?” сарлавҳали мақолага Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси Камол Намазов томонидан раддия берилган эди. Газетанинг шу 30 апрель сонида раддия чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

“Каттақўрғон ҳақиқати” газетасининг 2019 йил 19 апрелдаги 11-сонида “Суд қарори нохолис бўлса, додингни кимга айтасан?” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига (марҳум) даъвогар Қосимов Феруз Гафурович 2010 йил 20 майда мурожаат қилиб, жавобгар Қосимов Собир билан ўрталаридаги битимни ҳақиқий деб топишликни сўраган.Мазкур даъво аризаси собиқ суд раиси Ф.Сувонов томонидан иш юритишга қабул қилиниб, 4 июнь 2010 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, Қосимов Феруз Гафурович билан Қосимов Собир  Қосимовичлар ўртасида 2008 йил 1 декабрь куни Каттақўрғон туманида жойлашган “Агропромэнергия” корхонаси маъмурий биносига нисбатан тузилган оғзаки олди-сотди битими ҳақиқий деб топилган. Даъвогар Ф.Қосимовдан давлат фойдасига 150.000 сўм миқдорида давлат божи ундирилган.

Мазкур ҳал қилув қароридан тарафлар апелляция, кассация ҳамда назорат тартибида шикоят ва протест келтирилмаган. Фуқаролик иши суд архивидан рўйхатдан чиқарилиб, давлат архивига топширилган.

Газетада чоп этилган мақолада жавобгар Қосимов Собир фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 4 июнь 2010 йилдаги ҳал қилувчи қарорини янги очилган ҳолат бўйича ишни қайта кўриш ҳақидаги ариза билан 28 март 2019 йилда ва Каттақўрғон туман Адлия бўлимининг фуқаро Қосимов Собир манфаатини кўзлаб 1 апрель 2019 йилда янги очилган ҳолат бўйича аризалар берилган.

Суд топшириғи билан фуқаролик иши давлат архивидан чақирилиб, 8 апрель 2019 йилда тарафлар ва туман адлия бўлими бошлиғи иштирокида янги очилган ҳолатлар бўйича берилган аризалар кўриб чиқилиб, жавобгар С.Қосимовнинг ўз аризасини қайтариб олиш ҳақидаги аризаси ҳамда туман адлия бўлимининг Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 439-моддасига мувофиқ янги очилган ҳолат бўйича ариза бериш назарда тутилмаганлиги сабабли янги очилган ҳолат бўйича берилган аризалар рад этилган.

Бундан кўринадики, суднинг 4 июнь 2010 йилдаги ҳал қилув қарори қонуний кучда турганлигини маълум қиламиз.

Камол Намазов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Каттақўрғон туманлараро суди раиси