САМАРАЛИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

25 июль 2019

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Шу мақсадда Олий суд раҳбарияти ва судьялари томонидан вилоятларда сайёр қабуллар ўтказиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастур ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Камилов ва Олий суд судьялари Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар истироҳат боғида ўтказилган сайёр қабул давомида жами 47 нафар фуқарони қабул қилиб, мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабулда 24 нафар фуқаро жиноят ишлари бўйича, 10 нафар фуқаро фуқаролик ишлари юзасидан, 6 нафар фуқаро маъмурий ва 3 нафар фуқаро иқтисодий ишлар юзасидан мурожаат қилди.

Қабуллар пайтида 36 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди1 та мурожаат қаноатлантирилди. 10 та ариза ва шикоятлар қабул қилинди ва қонуний муддатда ўрганиб чиқилиб, натижаси юзасидан хабардор қилиниши тушунтирилди.

  • Сайёр қабулда Олий суд раисидан  ўғлим С.Ҳакимовга оид жиноят иши ҳозирда жиноят ишлари бўйича Чуст тумани суди томонидан кўриб чиқилаётганлиги сабабли ўғлимни озод қилиб, эҳтиёт чорасини очиқда қолдиришни сўрадим, - дейди Оҳангарон тумани Шодмалик маҳалла фуқаролар йиғини Мустақиллик кўчаси 12-уйда яшовчи А.Ҳакимов, - Аризам ўрганиш учун қабул қилинди. 

Бундан ташқари шу кунинг ўзида Тошкент вилояти худудида жойлашган жазони ижро этиш колонияларидан 95 нафар маҳкум шартли равишда муддатидан илгари озод қилинди ва оиласи бағрига қайтарилди.

10 нафар маҳкумларнинг жазони ўташ тартиби енгилроғи билан ўзгартирилди. (умумий колониядан манзил тартибли колонияга ўтказилди)

Шунингдек, судга оид бўлмаган ишлар билан мурожаат қилган фуқаролар мурожаатлари ҳам тингланди ва тегишлилиги бўйича сектор раҳбарлари жалб қилиниб, муаммолар мутасаддиларга етказилди.

 

Олий суд Матбуот хизмати