САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАРҒИБОТИ

25 июль 2019

Зомин тумани “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини мажлислар залида сайлов қонунчилиги тарғиботига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

 Тадбирда профилактика инспекторлари, маҳалла раиси ва фаоллари иштирок этди. 

Учрашувда Зомин тумани маъмурий суди раиси Ш.Бегматов ва Янгиобод тумани маъмурий суди раиси А.Норқўзиевлар сўзга чиқиб,   “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ҳақида маълумот беришди.

Айтиш жоизки, янги Сайлов кодекси қабул қилингунича юртимизда сайлов қонунчилиги 5 та қонун билан тартибга солинган бўлиб, бу эса ҳуқуқни қўллашда бир қатор қийинчилик туғдирарди. Шунингдек, сайлов жараёни, уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида бўлмай, Марказий сайлов комиссиясининг Низом ва йўриқномалари билан тартибга солинган эди.

Маълумки, бу йил юртимизда муҳим сиёсий жараён – сайловлар кутилмоқда. Ушбу Сайлов кодекси ҳуқуқни қўллашда бир қатор қулайликлар яратди, сабаби кодекс декабрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўладиган сайловлар ва уларни ташкил этиш, ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларини тўла қонунийлик, демократик ва шаффоф ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

-Мустақил юртимизнинг тақдирига бефарқ бўлмаган сайловчи сифатида Сайлов кодексининг қабул қилинганлиги, ушбу кодекс билан барча – эркин ва яширин овоз берилиши, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмаслиги, шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилиши Ўзбекистон сайлов қонунчилиги демократик принципларга мос равишда ишлаб чиқилганининг исботидир, - дейди Зомин туман “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қ.Мирзаахмедов. – Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади, унга кўра сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ва бошқа маълумотларни олиш имкониятига эга бўлиши ҳам сайловчиларнинг ишончини орттиради.

Тадбир якунида туман маъмурий суди раислари иштирокчиларнинг янги қабул қилинган Сайлов кодекси бўйича саволларига батафсил жавоб беришди.

 

                                                         Жиззах вилоят маъмурий суди