ПОРА БЕРИШ ПОРА ОЛИШ СИНГАРИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛИШИНИ ҲЕЧ ҚАЧОН УНУТМАЙЛИК!

26 июль 2019

Одатда, коррупция сўзини эшитганда, аксарият юртдошларимиз пора олиш жиноятини тушунишади. Аммо коррупция аталмиш жамиятни емирувчи иллатнинг яна бир кўриниши мавжудки, бу — пора беришдир. Аслида коррупция жиноятининг содир этилишида кўпинча пора бериш ёки пора беришга уриниш сабаб бўлади.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида яшовчи Отақўзи Расулов ана шундай жиноий қилмишга қўл уриб, охир-оқибат қонуний жазога маҳкум этилди. 
 
Тергов ва суд жараёнида маълум бўлишича, О. Расуловнинг ўғли Фарруҳ Расулов Қибрай туманидан 3 сотих ер майдонини 1 000 АҚШ доллари эвазига олиб беришини айтиб, О. Салимжонованинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради.
 
— Кадастр бўлимидагилар билан яхши танишман. Бир оғиз илтимос қилсам, йўқ дейишмайди, — дея у оғиз кў¬пиртириб мақтанади.
 
Шу боис О. Салимжонова аввалига Фарруҳнинг гапларига кўнгандек бўлади. Аммо кейин ўйланиб қолади: "Ҳозир нима кўп, бунақа фирибгар кўп. Бу йигит ҳам қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб, алдаб кетса-чи? Қолаверса, бериладиган ер қонуний бўлса, нега пул беришим керак?". Бинобарин, у Ф. Расуловга қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. 
 
Оқибатда Ф. Расулов 2019 йил 25 март куни О. Салимжоновадан 1 000 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланиб, департаментнинг Сирғали туман бўлимига олиб келинади.
 
Шундан сўнг Фарруҳ отаси Отақўзи Расуловга хабар беради. Соат 19.00 ларда эса, Отақўзи ака бўлимга етиб келади. Бу вақтда Ф. Расуловнинг иши бўлим катта инспектори Жаҳонгир Қодировга топширилганди. Шунинг учун ота бўлмиш ўғлини қутқариш мақсадида катта инспектор билан "келишиш"га уринади.
 
— Илтимос, ука, ёрдам беринг. Хизматингиз ҳақини бераман...
 
О. Расулов шундай деб аниқланган жиноятни расмийлаштирмаслик ва ишни судга оширмай, ўғлини жиноий жавобгарликдан озод қилиш эвазига Ж. Қодировга 800 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади.
 
— Бу ҳаракатингиз ноқонуний, ака. Пора олиш ҳам, бериш ҳам жиноят эканлигини эсингиздан чиқарманг, — дея Ж. Қодиров тушунтиради.
 
Аммо О. Расулов унинг гапларига эътибор бермай, пул олиб келиш учун чиқиб кетади. Шунда катта инспектор О. Расуловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармасига билдирги билан мурожаат қилади. Натижада бошқарманинг ички хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимлари тезкор тадбир ўтказиш мақсадида Сирғали туман бўлимига келишади. Яъни икки нафар холис жалб қилиниб, Отақўзи Расулов билан суҳбатни ёзиб олиш учун овоз ёзиш қурилмаси тақдим этилади.
 
Шундан сўнг орадан икки соат ўтгач, О. Расулов Ж. Қодировнинг хизмат хонасига кириб келади-да, 800 АҚШ доллари миқдоридаги пулни китоб ичига солиб, унга узатади. Аммо у катта инспекторнинг махсус ишорасига биноан тезкор ходимлар томонидан қўлга олинади. Бинобарин, айбдорга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
 
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди Отақўзи Расуловга жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарори талабларидан келиб чиқиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, қарамоғида тўрт нафар фарзанди борлиги, фарзандлари талаба экани ва шартнома асосида ўқиётганини Жиноят кодексининг 55-моддасида кўрсатилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этиб, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини ҳамда иш жойидан берилган кафолат хатини инобатга олди. Суд О. Расуловга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
 
Бу воқеани баён этишдан кўзланган мақсад шуки, амалдаги қонунлар талабини айланиб ўтишга уриниш, яъни пора орқали "ишни битириш" — коррупцияга кенг йўл очади. Бу эса, жамиятни парокандаликка бошлайди.
 
Шундай экан, ҳалол ризқ билан умргузаронлик қилиш, оила бағрида кўнгил хотиржамлиги билан яшашга не етсин!
 
 
Ғофур АМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича 
Сирғали туман судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
"Куч — адолатда" мухбири
 
(“Куч - адолатда” газетаси,
2019 йил 26 июль)