ОНА ҚИЗИНИ ТУНГИ КЛУБДА ТАРБИЯЛАЙДИМИ ЁХУД САЁҚ ЮРГАНЛАРНИНГ КАЛТАГИНИ КИМ ЕДИ?

26 декабрь 2018

 

Ўзбек қизи азал-азалдан оилада отасига суяниб улғайса, онасидан ҳаёт йўлларида қоқилмаслик, синовларига сабрли, қийинчиликларига иродали бўлишни ўрганади. Ҳар бир қиз ўз онасига ўхшашга, унинг йўлидан юриб, яхши сифат ҳамда фазилатларни ўзлаштиришга ҳаракат қилади. 

19 ёшли Шаҳноза Ҳамдамова 2018 йил 6 октябрь куни соат 04:40 ларда Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Форобий кўчасида жойлашган “Ниҳол” тунги клуби олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан безорилик оқибатида Аҳмад Турсуновнинг ўнг томон кўкрак қафаси қисмига пичоқ уриб, унга оғир шикаст етказади.

Шаҳнозанинг ҳаракатларини тўхтатмоқчи бўлган, дўсти Адҳамнинг тарафини олган Шерзод Шарипов ҳам Шаҳнозанинг пичоғидан енгил бўлса-да, тан жароҳати олади. 

Ушбу жиноятни содир этаётганда қизнинг олдида онаси ҳам ҳамроҳ бўлган...

Суд-тиббий экспертизаси ўз хулосаларини тақдим этди, воқеалар атрофлича ўрганилди. Жиноятчи айбини тан олди.

Аммо ярим тунда она ва қизнинг тунги клубда юрганини қандай баҳолаш мумкин. Улар ҳар ҳолда китоб ўқишгани ёки қариндошининг ҳолидан хабар олгани боришмагандир (!). Бу айбдор қизга нисбатан “ота-онасининг юзини ерга қаратди“, иборасини ишлатиш мумкинми? Ёнида пичоқ кўтариб юришини-чи? Бунга нима деб изоҳ бериш мумкин?

Пичоқ ўзини ҳимоя қилиш учун бошқага санчилмагани ҳам аён. “Бунда қуш уясида кўрганини қилиш“да давом этаверар экан, оналаримизнинг шарқона қадриятлардан йироқлашмаслиги, фарзанд иқболига таъсири муҳим эканлиги аён бўлаверади. 

Ш. Ҳамдамованинг қилмиши юзасидан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди биносида очиқ суд бўлиб ўтди. Унга кўра Шаҳноза Ҳамидова жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, жазо чоралари белгиланди.

 

ЎзА