ОАВ СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ТЎЛИҚ ЁРИТА ОЛАЯПТИМИ?

05 октябрь 2018

Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ҳуқуқий журналистика кенгашининг “Оммавий ахборот воситаларида суд жараёнларини ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида тадбири бўлиб ўтди.

vstreca-vs-5-okt-18g.png

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ҳуқуқий журналистика кенгаши аъзолари, судьялар ҳамда марказий оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий мавзуни ёритишга ихтисослашган ходимлари иштирок этди. 

Эркин матбуот ва мустақил судлар фуқаролик жамиятининг ўзига хос томонидир. Замонавий демократик давлат мазкур институтларсиз яшай олмайди. Зеро, улардан бирининг мустақиллигига рахна соладиган омил иккинчисининг ҳам эркинлигини чегаралаб қўяди. Шу боис Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган янгиланиш ва либераллаштириш жараёнида суд ҳокимияти ва ОАВ ўртасидаги ўзаро муносабатнинг уйғунлиги муҳимдир. 

Матбуот ва суд ҳокимияти фаолияти фарқли бўлса-да, иккиси ҳам ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти манфаатлари учун хизмат қилади. Шу боис улар ўзаро ҳамкорликсиз ўз олдига қўйган мураккаб вазифаларини адо этиши қийин. 

Журналистлар қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг институционал масалаларни ҳал қилиши тўғрисида мунтазам ахборот тарқатади. Судларнинг институционал масалаларни ҳал этиши ҳақида эса маълум ҳодиса жамият ҳаётига номувофиқ келгандагина ОАВ шошилинч ёритишга киришади. Шу тариқа журналистлар, бош муҳаррирлар ўзига нотаниш соҳага киради. Натижада етарли тайёргарлик, малакага эга бўлмаганлиги уларга панд бериши мумкин. Бу маълумотни ўқувчига етказиш, муҳим жиҳатларига эътибор қаратиш, суд жараёнининг асл моҳиятини таҳлил этишда халал беради. 

Бундай пайтларда журналистларнинг соҳавий ихтисослашмагани кўзга ташланиб қолади. Аслида, ҳар бир суд жараёни ўзига хос ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса бўлиб, журналистлар шу нуқтаи назардан масалага ёндашишлари талаб этилади. 

Аҳолининг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва саводхонлигини оширишда, судлар фаолиятида жамоатчилик назоратини ўрнатишда, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишда муҳим восита ҳисобланади. 

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий Дастурида белгилаб берилганидек, оммавий ахборот воситалари ижтимоий фикр ва ҳуқуқий маданиятни шакллантирувчи демократик институтлар бўлгани учун ҳам уларнинг бу борадаги фаолиятини кучайтириш зарурияти борган сари кўпроқ сезилмоқда. 

Тадбирда суд ҳокимияти билан ОАВ ўртасидаги ўзаро муносабатни янада яхшилаш, янги босқичга кўтариш учун қатор ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги қайд этилди. Яъни матбуотда эълон қилинган суд фаолиятига оид материалларни таҳлил этиб бориш, бу таҳлиллар асосида аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибаларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. 

Бироқ ОАВда суд жараёнлари ёритилиши, хусусиятлари, услуб ва йўналишлари, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда журналистиканинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган махсус тадқиқотлар миллий матбуотшуносликда амалга оширилмаган, дарслик ва қўлланмалар яратилмагани таъкидланди. Шунингдек, матбуотда суд муҳокамаларини ёритишнинг ҳуқуқий асослари, судлардан ахборот олиш ва тарқатишда журналист маҳорати, касб этикаси, журналистларнинг ихтисослашуви, судларда аккредитация институтини жорий этиш зарурияти матбуотшунослик тамойиллари нуқтаи назаридан етарлича татбиқ этилмагани, бу борада халқаро тажриба, миллий амалиёт ва суд ишлари ёритилган материаллар қиёсий таҳлил қилинмагани ва баҳоланмагани айтилди. 

Суд-ҳуқуқ соҳасини ёритувчи журналистларга ҳуқуқий журналистикага оид китоблар ва қўлланмалар тақдим этилди. 

ЎзА​​