НАФСИ ТУЗОҚҚА ЕТАКЛАДИ, ХАЙРИЯТКИ...

15 апрель 2019

Аксарият суд ишларида “Нафсим менинг балодир, ҳар балога соладир” деган мақол ёдга тушаверади. Шунда беихтиёр, наҳотки айрим одамлар қинғир йўл билан топилган бойлик вафо қилмаслигини билишмаса, деган хаёлга борасан киши. Бу сафар ҳам шу ҳол яна такрор бўлди...

oltinsoj.png

Сурхондарёнинг Олтинсой туманидаги “Ипоқ” маҳалласида яшовчи М.Ш.ни бир кўрган киши иймонли, инсофли, насиҳатгўй киши, деб ўйлайди. Аммо одамнинг оласи ичида бўлар экан.
 
Мажбурий ижро бюроси Олтинсой тумани бўлими ходимлари М.Ш.нинг хонадонига хизмат вазифаси тақозосига кўра ташриф буюрганида, уй эгалари умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олгани, қарийб бир ой мобайнида 500 минг сўмдан зиёд зарар етказилгани аниқланган.
 
Суд ишида бу маълумотларни М.Ш.нинг ўзи ҳам тасдиқлаб, қилган ишидан пушаймонлигини, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини айтиб, жазо тайинлашда енгиллик сўради.
 
Халқимизга хос кечиримлилик фазилати сайёр суд мажлисида ҳам ўз аксини топди. Суд М.Ш.нинг оилавий шароитини, 3-гуруҳ ногирони, нафақада эканини, етказилган зарар тўлиқ қопланганини ва айбидан пушаймонлигини инобатга олиб, уни муқаррар жазодан озод қилди. Яъни МЖтКнинг тегишли моддасига биноан огоҳлантириш билан кифояланди. 
 
Албатта, М.Ш. жазодан қутулиб қолди. Тўғрироғи уни кечиришди. Аммо бу қинғир ишни қилиш мумкин экан, дегани эмас. Хулоса ўзингиздан.
 
 
Қаҳрамон ТУРАНОВ,
Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани
Маъмурий суди раиси