МУСТАҲКАМ СУДЬЯЛАР КОРПУСИ ШАКЛЛАНМОҚДА

20 май 2019

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Асосий мақсадимиз, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир”, деган эди. Судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш, инсон тақдирини ҳал этишда судьяларнинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида эса поклик устувор бўлиши лозимлиги давлат раҳбари томонидан ушбу йиғилишда алоҳида таъкидланди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамланди. Шу ўринда айниқса, малакали ва етук судьялар корпусини шакллантириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши сифатида қаралаётгани бежиз эмас.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида муносиб топилган номзодларни камида бир йил ўқитиб, тайёр судья сифатида лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш зарурлиги, бунинг учун Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактабини ташкил этиш таклиф қилинган эди. Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга қилинган Мурожаатномада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарордан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби томонидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) судлар раислари ва судьяларининг давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган малака ошириш курси ташкил қилинди.

Малака ошириш курси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган, фуқаролик суд ишларини юритиш амалиётида кўп хатоликка йўл қўйилаётган масалалар асосида шакллантирилган ўқув дастури асосида олиб борилади.

Шунингдек, малака ошириш курси давомида тингловчиларнинг процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашга оид билимларини ривожлантириш билан бир қаторда, уларнинг сиёсий билимларини, шахсий сифатларини юксалтиришга қаратилган ҳам амалий, ҳам назарий билимлар берилади.

Ҳар бир дарс-машғулотлари ўқитишнинг янгича инновацион, интерфаол методларидан фойдаланилган ҳолда кўп йиллик тажрибага эга бўлган судьялар ҳамда ҳуқуқ соҳасининг бошқа тажрибали вакиллари ва амалиётчилари томонидан ўтказилади. Судьяларни ўқитишнинг ушбу янгича усули келажакда Президентимиз айтганидек, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши лозим”, деган шиорга асосланиб фикрлайдиган ва ишлайдиган судьялар корпуси шаклланишига хизмат қилади. 

У.Сайдахмедов,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши
ҳузуридаги Судьялар олий мактаби
ўқитувчиси