МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШ - ДАВР ТАЛАБИ

25 июль 2019

Бугунги кунда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган кучли  ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш асосий мақсадимиз бўлиб қолмоқда. Конституциямизда ҳам ушбу ғоянинг мустаҳкамлаб қўйилгани ҳуқуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

rasm1.png

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт, деб белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ барча масалалар конституциявий нормалар, қонунлар хамда бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солиб келинмоқда.

Ушбу қонунлар фуқароларнинг давлат органларига, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди ва уларнинг сўровини кўриб чиқиш тартибини соддалаштирди. Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали  тўғридан-тўғри давлат раҳбарига мурожаат қилишининг йўлга қўйилиши соҳада туб ислоҳотлар кечаётганидан дарак беради.

Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят ҳамда туманлараро судлари томонидан фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Олий суд Раёсати қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома талабларига асосан ҳал этилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати мунтазам равишда ҳар чоракда умумлаштирилиб, вилоят суди Раёсатида кўриб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.  

Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро судларига жами 990 та мурожаат келиб тушган. Шундан бевосита судларга 314 та, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали 676 та мурожаат рўйхатга олиниб, вилоят судига юборилган. 

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси талабига мувофиқ, тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суднинг ҳал қилув қарори устидан ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан 20 кун ичида апелляция тартибида, суднинг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида кассация тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкин.

Биринчи инстанция судлари ҳал қилув қарорининг қонуний ва асосли эканлигига вилоят суди судлов ҳайъатлари томонидан, фуқароларнинг ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция ёки кассация тартибида келтирган шикоят аризаларига асосан қонуний баҳо берилади. 

Ҳаётда шундай фуқаролар борки, ушбу ҳуқуқларидан фойдаланмасдан, суднинг ҳал қилув қарорларига нисбатан апелляция ёки кассация тартибида шикоят ариза келтирмасдан, турли мазмундаги аризалар билан бошқа ташкилотларга мурожаат қилишлари оқибатида суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан шикоят қилиш муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилмоқда.

Фуқаролар муаммоларини ҳал этиш борасида вилоят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоят Халқ қабулхонаси ва Бухоро вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда биринчи ярим йиллик давомида жойларда ҳуқуқий тарғиботлар ўтказиш режаси тасдиқланиб, сайёр қабуллар ва очиқ мулоқотлар ташил этилди. Фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқотлар бевосита телевидиние орқали ёритилди.

Вилоятда мурожаатлар билан ишлашнинг тўғри йўлга қўйилганлиги, ўз вақтида жавоб хатлари берилиши ва ариза муаллифи билан суҳбат ўтказилиб, тушунтириш берилиши йўлга қўйилган. Ўтган 6 ой давомида кўрилган 5296 та фуқаролик ишларининг 2010 таси, яъни 37,4 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилганлиги, кўрилган чора-тадбирлар фуқароларнинг миннатдор бўлишига эришилмоқда.

Мисол учун, Қоракўл туманида яшовчи У.Исаев вилоят суди судьяларидан, Д.Самандаров Олий суд, вилоят суди ва Пешкў туманлараро суди раисидан, фуқаролар М.Хошимова, М.Чўлиева, А.Раҳимова, Д.Мардонова  Ғиждувон туманлараро суди судьяларидан, Ж.Усмонов Бухоро туманлараро суди судьяларидан, О.Юсупов Когон туманлараро суди судьяларидан, Қоракўл туман “Чекирчи” МФЙ раиси Д.Арслонова эса Қоракўл туманлараро суди судьяларидан миннатдор бўлиб ташаккурнома хатлари билдирган.

Хулоса қилиб айтганда, фуқаролар мурожаати билан ишлаш доимий эътибордаги масала бўлиб келмоқда. 

 

Ў.Аслонов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Бухоро вилоят суди судья катта ёрдамчиси