“МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ – МЕНИНГ СУДЬЯМ” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА САЙЁР УЧРАШУВЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

15 апрель 2019

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти ва туманлараро судлари томонидан жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларни тизимли ўрганиш, ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш мақсадида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” лоҳиҳаси доирасида аҳоли билан сайёр учрашув ва қабуллар ўтказиб келинмоқда.

buhor1.png 

Худди шундай учрашувлардан бири Бухоро туман “Работак” МФЙ ҳудудида жойлашган 16-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди. Учрашувда мактаб ўқитувчилари, “Работак” МФЙ яраштириш комиссияси аъзолари ва маҳалла аҳли иштирок этди.
 
Тадбирда сўзга чиққан фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари О.Қодиров жамиятимизда оилани мустаҳкамлаш, уни асраб-авайлаш, дахлсизлигини таъминлаш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 
 
Судлар никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда эр-хотиннинг ўзаро муносабатини, келишмовчиликнинг асл сабабларини ҳар томонлама текширади. Оиладаги вақтинчалик келишмовчилик, жиддий асосларга эга бўлмаган сабабларга кўра эр-хотиндан бирининг никоҳ муносабатини давом эттиришни хоҳламаслиги судлар учун никоҳни бекор қилишга етарли асос бўлмайди. 
 
Учрашувда фуқароларнинг уй-жой, ер низолари билан боғлиқ саволларига ҳам батафсил тушунтириш берилди. 
 
Таъкидлаш жоизки, ўтказилаётган бундай сайёр учрашувлар судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. 
 
Учрашув якунида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари О.Қодиров юртимизда ўтказилаётган китобхонлик акцияси доирасида ўзи таҳсил олган Бухоро туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабига ҳамда “Работак” МФЙ кутубхонасига ўзбек ва жаҳон адабиёти адибларининг 30дан ортиқ нодир китобларини совға қилди.
 
 
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти суди