МАҲАЛЛАДА ОЧИҚ МУЛОҚОТ

12 июнь 2019

     Халқ билан мулоқот қилиш, инсонларнинг дарду ташвишлари билан яшаш муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг асосини ташкил этади.

    Пайариқ туманлараро иқтисодий суди ва Оқдарё туман мамурий суди билан ҳамкорликда Оқдарё туман Мустақиллик маҳалласида тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар билан очиқ мулоқот  бўлиб ўтди.

  Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган “Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш” қоидалари мазмун-моҳиятини тушунтирилди.

    Учрашувда Пайариқ туманлараро иқтисодий суди раиси У.Эшқобилов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакат иқтисодиётида, хусусан, тадбиркорлик соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, шу билан бир қаторда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари  жамият ривожида катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

     Айтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сонли Қонуни билан Иқтисодий процессуал кодексига 27 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу Қонун 2019 йил 21 мартдан кучга кирди. Унга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари суднинг расмий веб-сайтида тарафларнинг розилиги билан ёки шахси кўрсатилмаган тарзда эълон қилиниши, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустаснолиги белгилаб қўйилди ва бугунги кунда Олий суд расмий веб-сайтида суд қарорлари эълон қилиб борилмоқда.

   Бу эса, албатта, суд органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини  таъминлашга хизмат қилади.

Очиқ мулоқотда иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди.

 

 

Олий суд Матбуот хизмати