КАСБ ЭТИКАСИГА РИОЯ ЭТАЙЛИК

24 июль 2019

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди “Qalampir.Uz” сайтида эълон қилинган “Давлат устига давлат қурманг ёхуд Зангиотадаги 46 хонадон зулматда яшашга маҳкумми?” сарлавҳали мақолани ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани судига 2018-2019 йиллар давомида Зангиота тумани, “Қатортол” ҚФЙ, “Ибратли” боғдорчилик, узумчилик ширкатидаги (БУШ) дала ҳовлида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан 10 ойдан буён электр тармоғидан узиб қўйилганлиги тўғрисида ариза ёки шикоят келиб тушмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 5-моддасида судда фуқаролик ишини қўзғатиш тартиби белгиланган бўлиб, суд фуқаролик ишини қуйидаги ҳоллардагина қўзғатади:

ўзининг ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризаси бўйича;

прокурорнинг аризаси бўйича;

агар давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунга мувофиқ бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли бўлсалар, уларнинг берган аризалари бўйича.

Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани судига ариза келиб тушмаган бўлса, қандай қилиб бу масалани кўриб чиқиши мумкин?

Журналист Акбар Жиянов қонун талабини тушунмаган ҳолда, Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани судидан ушбу масалани ҳал қилишни талаб этмоқда.

Шу ўринда, жорий йил 17 июль куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг  IV конференциясида қабул қилинган Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексида журналист амалдаги қонунлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиб иш олиб бориши бежиз қайд этилмаганлигини эслатиб ўтмоқчимиз.

 

Фуқаролик ишлари бўйича
Тошкент вилояти суди