ИЖРО ҲАРАКАТЛАРИ АСОССИЗ ДАВОМ ЭТТИРИЛГАН

24 июль 2019

Kun.uz сайтида (2019 йил 21 июл) “Риштонда аукционда мулк сотиб олган фуқаро чув тушди(ми?)” сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда риштонлик Сойибжон Бувожонов аукциондан мулк сотиб олиб, кейинчалик суд қарори билан мулк қайтариб олингани ҳақида сўз боради.

Бир томондан фуқарога ачинасиз, аукционда сотиб олинган мулки қайтариб олинганига, иккинчи томондан бу савдонинг ноқонуний ташкиллаштирилганига куйинасиз. Суднинг вазифаси эса ҳолат қандай бўлишидан қатий назар ишни кўриб, унга ҳуқуқий баҳо беришдан иборат. 

Аниқланишича, Фарғона вилоят хўжалик суднинг 2016 йил 18 апрелдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор “Ўзагрокимёхимоя” Фарғона вилоят ҳудудий акционерлик жамиятидан ундирувчи Фарғона шаҳар давлат солиқ инспекцияси фойдасига 7.148.51 1.337 сўм боқиманда қарздорликни ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжатига асосан суд ижро бўлинмаси Фарғона шаҳар бўлими томонидан 2016 йил 11 июлда (14756-сонли) ижро иш юритуви қўзғатилиб, ижро ҳаракатлари олиб борилган.

“Континент имкон баҳо” масъулияти чекланган жамиятнинг 2018 йил 15 январдаги 137-сонли хулосасига кўра, Риштон тумани, Тўқимачи кўчаси 17-уйда жойлашган маъмурий бино-иншоотлари 429.481.834 сўмга баҳоланган.

Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси Ф.Ғиёсовнинг 2018 йил 20 февралдаги қарорига кўра, юқоридаги ижро ҳужжатини ижросини таъминлаш мақсадида жамиятга тегишли бўлган ушбу бино-иншоотлар электрон-онлайн аукцион орқали сотувга чиқарилган.

Савдо ташкилотчиси “Электрон-онлайн аукционларини ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан 2018 йил 23 октябрда ўтказилган ким ошди савдоси якунига кўра, жавобгар С.Бувожонов ғолиб деб топилиб, Риштон тумани, Тўқимачи кўчаси 17-уйда жойлашган маъмурий бино-иншоотлар 279.163.192 сўм 10 тийинга сотилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошка органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 41-моддасига асосан ижро ҳужжати амалда ижро этилганда, ижро иши юритиш тамомланиши, ижро иш юритишни тамомлаш тўғрисида давлат ижрочиси қарор чикариб, қарор нусхасини ундирувчи, қарздор ва ижро ҳужжатини берган органга юбориши белгиланган.

Фарғона вилоят иқтисодий судининг 2018 йил 17 декабрдаги ажримида  2016 йил 16 мартдаги ҳал килув қарори билан ундирилиши белгиланган 7.148.511.337 сўм солиқ қарздорлиги 2017 йил 1 июль ҳолатига тўлиқ копланганлиги қайд этилган.

Қарздорлик тўлиқ копланган бўлса-да, мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан Фарғона вилоят хўжалик суднинг 2016 йил 18 апрелдаги 15-1606/4437 сонли ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари асоссиз давом эттирилган.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 60-моддасида қарздор юридик шахснинг мол-мулкини хатлаш ва реализация қилиш навбати кўрсатилган бўлиб, жамиятга тегишли бўлган, Риштон туман филиали фойдаланишидаги маъмурий бино-иншоотлар учинчи навбат билан белгилаб қўйилган рўйхат кетма-кетлигига кирса-да, давлат ижрочиси томонидан биринчи ва иккинчи навбатдаги мулкларни реализация қилиш чоралари кўрилмасдан, учинчи навбатдаги мулк сотувга чиқарилиб, ушбу қонун талаблари бажарилмаган.

Бундан ташқари ижро бўлинмаси томонидан қонуннинг 61-моддаси талаблари ҳам бузилиб, қарздорликни қоплаш мақсадида хатланган мол-мулкни реализация қилиш тўғрисида, хатлаш амалга оширилгандан кейин уч кунлик муддатда мол-мулкнинг таркиби ва қиймати тўғрисидаги, шунингдек, ундирувчининг талаблари суммаси тўғрисидаги маълумотларни илова қилган ҳолдаги хабарномани давлат мулкини тасарруф этиш ваколатига эга органнинг тегишли ҳудудий бўлинмасига ва мазкур хабарноманинг нусхаси қарздор юридик шахс томонидан бюджетга тўловлар ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар амалга оширилишини назорат қилувчи солиқ органига юбормаган.

Шу боис суд, мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси Ф.Ғиёсовнинг Риштон тумани Тўқимачи кўчаси 17-уйда жойлашган маъмурий бино-иншоотларни электрон-онлайн аукцион савдосига чиқариш бўйича 2018 йил 20 февралдаги қарорининг ноқонуний деб ҳисоблаб, мазкур ижро ҳаракатлари асосида амалга оширилган электрон-онлайн аукциони натижаларини ҳам ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида қонуний тўхтамга келган.

Суд ўз қарорида С.Бувожонов мулкни сотиб олиш учун тўлаган суммани жавобгар Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлимидан ундиришни кўрсатган.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 31 майдаги ажрими билан суднинг мазкур ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, тарафлар суд қароридан норози бўлса, Олий судга назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

 

Фуқаролик ишлари бўйича
Фарғона вилоят суди