ИЛК СУДЬЯЛИККА ТАЙИНЛАНГАНЛАР ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛИШДИ

10 май 2019
Олий судда Судьялар Олий кенгаши қарорига кўра, биринчи беш йил муддатга судьялик лавозимига тайинланганларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
 
 
Унда Олий суд раиси К.Камилов сўз олиб, судьяликнинг масъулиятли касб эканлиги, одил судловни амалга оширишда фақат қонунга таяниш лозимлиги ҳақида тўхталиб,  судьялик лавозимига киришаётганларга омад тилади. 
 
Шундан сўнг  илк бор судьяликка тайинланганлар қасамёд қабул қилишди.
 
 
- Бугун ҳаётимда қувончли кунлардан бири, - дейди Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяликка тайинланган Озода Гулямова, - Бунгача турли идораларда ҳуқуқий маслаҳатчи, катта маслаҳатчи лавозимларида иш юритдим. Олий судда малакамни оширдим.Ўйлайманки, бу ўрганганларим судьялик фаолиятида мен учун асқотади.     
 
Тадбирда иштирок этган ота-оналардан Дилбар Эсанбаева, Абдурашид Байбеков, Шаҳодат Тўлаганова, Насиба Миршаева ва Ҳаким Заҳидовлар фарзандларининг судья бўлиб тайинланганидан мамнунлигини изҳор этиб, уларга давлатимиз ишончини оқлашга, ҳалол ва пок бўлиб, қонун доирасида иш олиб боришларига хайриҳоҳлигини билдиришди.
 
 
Тадбирда Олий суд раиси К.Камилов 14 нафар илк бор судьяликка тайинланганларга судьялик гувоҳномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси судьяларининг одоб-ахлоқ кодекси китобини топширди. 
 
Олий суд Матбуот хизмати