ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНМОҚДА

08 май 2019

Президентимизнинг 2019 йил 24 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш давлатимизнинг доимий эътиборда.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ва ҳудудий ҳарбий судлар ташаббуси билан ҳудудларда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари хонадонларига бориб, улар ҳолидан хабар олинмоқда, дилдан суҳбат қуришмоқда.

Юзма-юз суҳбатлар чоғида фахрийлар дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда чуқур билим олиш, яхши касб эгаси бўлиш, шу орқали Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш ёш авлоднинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир карра намоён этмоқда.

 

ЎзА