ҒОЙИБДАН КЕЛГАН НАЖОТ

12 июль 2019

Ўксиб-ўксиб, унсиз йиғлаётган аёлга ҳеч дуч келганмисиз? У бизга етти ёт бегона бўлса-да, унга ачинамиз. Дардини билгимиз, ёрдам бергимиз келади. Аммо у жиноят содир этиб, қўлига кишан солинганидан ўксиб, афсус чекиб, кўз ёш тўкаётган бўлсачи? Аёл деган буюк номга доғ тушириб, жиноят кўчасига қадам босганга инсоннинг раҳми келиши душвор. У энди аёл, она деган табаррук сўзлардан мосуво. Озодликдан маҳрум этилиб, қўлига кишан солинган жиноятчи!

go1.png

Ҳар гал аёллар жиноятчилиги бўйича ҳукм ўқилганида, юрагимда алланечук туйғулар ғалаён кўтаради. Унинг орзуларга лиммо-лим келажаги ҳам кишанлангани, озодликдан маҳрум этилганини ўйласам, юрагим оғрийди. 
 
Аммо илож қанча!? Жиноятчи қилган ишига қонун олдида жавоб бериши шарт. Айниқса, у қайта-қайта жиноят содир этган бўлса.
 
Наврўза Каримова (исм-шарифлар ўзгартирилган) аввал ҳам қилган жинояти бўйича 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Аммо у бу ишидан тўғри хулоса чиқармади. Фарзандлари келажагини ўйламади. «Ўрганган кўнгил —  ўртанса қўймас», деганларидек у яна мўмай даромад илинжида психотроп дори воситалари олди-сотдиси билан шуғуллана бошлади.
 
Жорий йилнинг 13 март санасида Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Абдулла Қаҳҳор кўчасида жойлашган тўйхона олдида Н. Каримова қонунга зид равишда психотроп дори воситасини фуқаро Гуллола Жамоловага пуллаётган вақтда қўлга олинди.
 
Н. Каримова шу йилнинг февраль ойи охири ёки март ойининг бошида унга ўзини Чарос деб таништирган шахс қўнғироқ қилиб, жазо муддатини бир жойда ўтагани, бемор онасига «таблетка» топа олмаётганини айтиб, мазкур дори воситасини топиб беришни илтимос қилади. Моддий томондан қийналаётган Наврўза учун бу гўёки «ғойибдан келган  нажот» эди. 
 
Н. Каримова ҳеч иккиланмай Чароснинг илтимосини бажаришга ваъда беради. 13 март куни эса вақтинча яшаш жойи — Қўқондан, доимий яшаш жойи — Олмалиқ шаҳрига келиб, бу ердаги гаражлар орасида сақлаб келаётган дори воситаларини олади ва Чаросга қўнғироқ қилади. Унга ҳар бир конвалютани 25 минг сўмдан 22 дона конвалютани жами 375 минг сўмга беришини айтади. Сўнг улар келишилган манзилда учрашишга қарор қилишади. Бироқ  Н. Каримованинг савдоси ниҳоясига етмай қолди. Ўша куни кечга яқин Наврўза келишилган манзилга келганида милиция ходимлари томонидан қўлга олинади.
 
Камчиликсиз инсоннинг ўзи бўлмайди. Кимдир билиб, кимдир билмай хато қилади. Аммо мана шу хатони ўз вақтида англаган кишининг ҳаёти изига тушиб кетар. Бироқ қайта-қайта хато қилганнинг тақдиричи? Биргина хато заҳми йиллар давомида азоб-уқубат, афсус-надомат домида юришга маҳкум этади. Шу боис ҳам ҳаётда қандай йўлни танлаш инсоннинг ўзига боғлиқ.
 
Н. Каримованинг қарамоғида ҳали икки ёшга тўлмаган норасида эгизак фарзанлари бор эди. Унинг кўзига мана шу норасидар ҳам кўринмади. 
 
Арзимаган даромад илинжида у яна хатога йўл қўйди. У Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,273-моддасининг 5-қисми билан айбдор деб топилди ва 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми тартибида жиноят ишлари бўйича Миродод туман судининг 2019 йил 5 апрелдаги ҳукми билан тайинланган жазо муддатига қисман қўшиш йўли билан Н. Каримова узил-кесил ўташ учун 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Далилий ашё сифатида олинган дори воситалари йўқ қилинди.
 
 
Темур КАСИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой тумани суди судьяси
 
(“Жамият” газетаси,
2019 йил 12 июль)