ГАВҲАРХОН САИТАЗИЗОВА: «ПРЕЗИДЕНТИМИЗ МУРОЖААТНОМАСИ НАФАҚАТ МАМЛАКАТИМИЗДА, БАЛКИ БУТУН МИНТАҚАДА ЯНГИ ДАВРНИ БОШЛАБ БЕРДИ»

09 январь 2019

Бугунги кунда кўплаб юртдошларимиз дунёнинг турли мамлакатларида фаолият юритиб, ўз соҳаларида катта муваффақиятларга эришмоқдалар. Улар орасида талабалар, олимлар, тадбиркорлар, халқаро ва жамоат ташкилотларининг вакиллари бор.

gavhar.png

 
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ҳамкорлик қилиш мақсадида ташкил этилган "Буюк келажак" халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотининг экс¬перти Гавҳархон Саитазизова ҳам ана шундай фидойи юртдошларимиздан биридир. У Ўзбекистонда — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, АҚШ¬¬да — Беркли шаҳридаги Калифорния ҳуқуқ университетини, шунингдек, Буюк Британияда — Лондон Иқтисодиёт ва сиёсий фанлар Олий мактабини битирган.
 
Шундан сўнг Г. Саитазизова Англия ва Уэльсда ҳамда АҚШнинг Нью-Йорк штатида лицензияга эга бўлган адвокат сифатида фаолият олиб борди, халқаро суд ва ҳакамлик муҳокамаларида кўп йиллик тажриба орт¬тирди. Бугунги кунда у Лондон халқаро арбитраж судида маслаҳатчи, шунингдек, халқаро судлар ва трибуналларда хорижий давлатлар ва йирик корпорацияларнинг манфаатларини ифодаловчи адвокат сифатида фаолият юритади.
 
Г. Саитазизова Ўзбекистон Республикаси Олий судида иқтисодий судлар судьялари билан видеоконференц алоқа орқали бевосита мулоқот ўтказди. Унда эксперт халқаро низоларни ҳал этишда, хусусан, халқаро арбитраж жараёнини қўллаб-қувватлашда миллий судларнинг роли, аҳамияти ва вазифалари ҳақида фикр юритди.
 
Г. Саитазизованинг фикрича, ушбу масала "Фаол инвестиция ва ижтимоий тараққиёт йили" деб эълон қилинган 2019 йилда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. У, шунингдек, бу борада суд амалиётини шакллантириш долзарб вазифа эканини таъкидлади. 
 
Тажрибали халқаро эксперт Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ислоҳотларнинг кўлами, моҳияти, аҳамияти ва аниқ йўналишларини белгилаб берганини алоҳида эътироф этди. Бу тарихий ҳужжат нафақат мамлакатимизда, балки бутун минтақада янги даврни бошлаб берди.
 
Учрашувда халқаро сармоялар ва тижорат арбитражлари доирасида низоларни ҳал қи¬лиш масалалари ҳақида ҳам сўз борди. Ўзбекистонда бу борадаги қонунчилик ва суд амалиё-тининг ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама этилди.
 
Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини қайд этиш лозим. Ин¬вес¬торлар, хусусан, хорижий сармоядорлар фаолияти учун қулай ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиб, халқаро иқтисодий муносабатлар тобора мустаҳкамланаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
 
Эксперт фикрига кўра, бугунги кунда халқаро арбитраж турли мамлакатлар вакиллари ўртасида қурилиш, энергетика, телекоммуникация, банк сектори, инвестициявий ва муайян давлат иштирокидаги низоларни ҳал этишда муҳим ўрин тутмоқда. 
 
Халқаро арбитражнинг қулайликларидан яна бири — Ўзбекистон 1996 йилда аъзо бўлган 1958 йилдаги Нью-Йорк Конвенциясига қўшилган мамлакатларда халқаро арбитраж судларининг қарорларини қабул қи¬лиш ва ижро этиш нисбатан стандартлаштирилган жараён эканлиги билан изоҳланади.
 
Бундан ташқари аксарият ҳолларда арбитраж низо жараёнларида томонларга низо ва ҳакамлик даъвосининг махфийлиги таъминлайди. Бу, ўз навбатида, томонларнинг обрў-эътиборини ва компанияларнинг фонд бозорида мавқеини сақлаб қолиш имконини беради.
 
Г. Саитазизова иштирокчиларнинг халқаро арбитраж ва суд ишларини юритишга оид барча саволларига батафсил жавоб берди. Шунингдек, у дунё¬нинг турли давлатлари қо¬нунчилик ва суд амалиёти ўртасидаги тафовутлар бўйича фикр¬ларини баён этди.
 
Учрашувда муҳокама қилинган масалалар, шубҳасиз, мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодий низоларни халқаро стандартларга мувофиқ адолатли ҳал қилиш ва хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
 
 
Бобомурод Райимов