ФИРИБГАР АЁЛ АЙБИГА ИҚРОР БЎЛДИ

10 июль 2019

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг очиқ сайёр мажлисида судланувчи М. Шералиеванинг жиноят иши кўриб чиқилди.

firibgar1.png

М. Шералиева 1969 йил Тошкент шаҳрида туғилган, уч фарзанднинг онаси. У айни фарзандларига тўғри йўл кўрсатиб, ўрнак бўладиган ёшида жиноятга қўл урди. 

М. Шералиева пул топишнинг осон йўлларини қидира бошлади. Шундай кунларнинг бирида таниши К. Ҳайдарова яхшигина ўлжага айланди. М. Шералиева К. Ҳайдарованинг ишончига кириб, набираси Шаҳриёрни Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 8 000 АҚШ долларини ўзлаштириб олади ва пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборади. 

Айбланувчи дастлабки терговда ва судда К. Ҳайдаровадан олинган пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаганини инкор қилмади. Аслида, К. Ҳайдарованинг набирасини ИИВ академиясига ўқишга киритиб қўйиш нияти ҳам, у ерда мансабдор танишлари ҳам бўлмагани, Шаҳриёр ўқишга ўзи кириб кетолмаса, пулни қайтариб бериш мақсадида алдаганини баён қилди. 

Суд судланувчи М. Шералиевага нисбатан жазо тайинлашда унинг жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплагани, айбига қисман иқрор бўлиб, ҳозир пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ҳамда у истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган кафолатномани муҳокама қилиб қарор қилди. 

Унга нисбатан жамиятдан ажратмаган ҳолда жазо тайинлаш, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши лозим топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланди. 

Айбланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор, деб топилди ва унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 

 

ЎзА