ФАРҒОНАДА 639 ТА ФИРИБГАРЛИККА ОИД ЖИНОЯТ ИШЛАРИ КЎРИЛДИ

27 декабрь 2018

Жиноят ишлари бўйича Андижон, Наманган, Фарғона вилоят судлари судьялари, тергов ва суриштирув органлари ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа тизими орқали фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётида юзага келаётган масалаларга бағишланган минтақавий семинар бўлиб ўтди. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд-тергов фаолиятида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш, сарсону овора бўлиш ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймаслик мақсадида “электрон жиноят иши” ва “масофадан туриб сўроқ қилиш” тизимлари ҳам жорий этилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Мазкур семинар ҳам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётида юзага келаётган масалалар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва тергов ҳамда суд амалиётида юзага келаётган муаммоларга бағишланди.

Фирибгарлик жиноятларининг асосий сабаблари фуқаролик муносабатларини қонун доирасида амалга оширмасликка бориб тақалади.

Оқибатда бу содда одамларнинг “жиноят қурбони” бўлишига олиб келаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

– Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси М. Абдубаннабов. – 2018 йилнинг 11 ойи давомида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судлари томонидан 930 нафар шахсга нисбатан 639 та фирибгарликка оид жиноят ишлари кўриб чиқилиб, судланувчиларга нисбатан тегишли жазолар тайинланган. “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарори шу тоифадаги жиноий қилмишларни тўғри квалификация қилиш, қонун талабларини тўғри қўллаш ва ягона суд амалиётини шакллантиришга эришишда муҳим ўрин тутади. Пленум қарорида судлар, тергов ва суриштирув органлари ходимларига нафақат фирибгарлик жиноятни тўғри ва асосли квалификация қилиш, балки Жиноят кодекси таъсири доирасига тушган шахсларни одатдаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларда фарқини аниқлашга оид тушунтиришлар берилган.

Йиғилишда фирибгарлик жинояти нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам турли хил усулларни ўзида қамраб олган ҳолда тез суръатларда ривожланиб бораётганлиги, фирибгарлик жинояти ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг бошқа шаклларидан фарқлари хусусида батафсил тушунтиришлар берилди ва семинар-машғулоти қатнашчиларининг саволлари юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

 

ЎзА