ЧЕГАРАНИ БУЗГАН АЁЛГА ЯНА БИР ИМКОН БЕРИЛДИ

02 октябрь 2018

Муқаддамхоннинг турмуши ўхшамади, ажрашди. Не-не орзу-ҳаваслар билан қурилган оила қўрғони бузилди. Ўртада икки норасида сарсон. 

molotok-vs.png

Халқимизда “Ёлғиз бошга – қўш оғир“, деган нақл бор. М. Қулматованинг ёлғиз бошига ҳам оила, тирикчилик ташвиши оғирлик қила бошлади. Шу важ билан у 2014 йил декабрда фарзандларини, сўлим Андижонни, Избосканини ташлаб ўзга юртга – Қозоғистоннинг Остонасига отланди. 

Қўшни давлат пойтахтида ресторандан иш топиб, ошпазлик қилди. Икки йилдан сўнг вақтинчалик рўйхатдан ўтиш талабларини бузгани учун “депорт“ қилинди. Лекин яна ўша важ сабаб ноқонуний бўлса ҳам ишини давом эттирди. 

Орадан уч йилдан кўпроқ вақт ўтиб, қишлоғи, яқинлари, айниқса, фарзандлар соғинчи тирикчилик важидан устун келиб, қайтишга аҳд қилди. Бу орада илгари “депорт“ бўлгани ёдига тушиб, чегарадан ўтишда жаримага тортилиши мумкинлиги ҳақида ўйга толди. Ўйлаб-ўйлаб, "жаримасиз" йўлдан – давлат чегараларини яширин йўллар орқали бузиб ўтишга қарор қилди. 

Лекин "шаҳар бедарвоза эмас", деб бежиз айтилмаган. М. Қулматова қашқадарёлик Б. Б. билан Янгийўл тумани Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғинининг айланма йўллари орқали Ўзбекистон Республикасига чегара тўсиқларини бузиб ўтаётган вақтида чегара посбонлари томонидан қўлга олинди. 

Тошкент вилояти Янгийўл хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани судининг сайёр суд мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Судья Б. Тошпўлатов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида «Марказ» маҳалла аҳолиси, коллеж ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Суд мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, фуқаро М. Қулматованинг қилган ишидан пушаймон экани, икки нафар ёш фарзанди борлиги, барча оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, бир йил муддатга синов муддати билан озод қилиш бўйича қарор қабул қилди. 

Инсонпарварлик, кечиримлилик, адолатпарварлик руҳи билан йўғрилган қонунчилигимиз, бу йўлда давлатимиз олиб бораётган сиёсат туфайли М. Қулматовага яна бир имконият берилиб, суд залидан озод қилинди.  

 

ЎзА