Судьялик лавозимларига номзодларни танлаш тартиби

Бўш судьялик лавозимлари тўғрисидаги ахборот Судьялар олий кенгашининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга оширилади.

Захирага киритилган судьялик лавозимига номзод ўқиш ва стажировкани муваффақиятли ўтаганидан сўнг бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга.

Бошқа судьялик лавозимига номзодини кўрсатиш истагини билдирган судья Кенгашга ариза ва зарур ҳужжатларни беради.

Судья ваколат муддати тугашига камида олти ой қолганда Кенгашга янги ваколат муддатига кўрсатиш ёки кўрсатишдан воз кечиш тўғрисида ариза ва зарур ҳужжатларни беради.

Тегишли судьялар малака ҳайъати Кенгашга судьялик лавозимига номзод бўйича хулоса тақдим этади.

Агар судья ўзи даъвогар бўлган лавозим талабларига жавоб бермаса, Кенгаш уни қуйи судьялик лавозимига кўриб чиқиш масаласини кун тартибига киритишга ҳақли.

Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларни танлашда Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда турли ўрганиш усулларидан — суҳбат ўтказишдан, мустақил экспертлар томонидан тест синовидан ўтказишдан, берилган муаммолар бўйича мавзуга оид рефератлар тайёрлашдан, экспресс сўровлардан фойдаланилиши мумкин.

Судьялик лавозимига номуносиблиги туфайли ўзига нисбатан Кенгашнинг захирага киритиш рад этилганлиги тўғрисидаги хулосаси чиқарилган шахс бир йил ўтгач, захирага киритиш тўғрисида Кенгашга ариза билан такроран мурожаат қилиши мумкин.

Захирага киритиш бошқа сабабларга кўра рад этилган шахс рад қилиш сабаблари бартараф қилинганидан кейингина захирага киритиш тўғрисида Кенгашга ариза билан такроран мурожаат қилиши мумкин.

(“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 24-моддаси)

 

Судьялар корпусини шакллантириш чоғида судьялик лавозимларига номзодлар ҳуқуқларининг тенглиги

Судьялар корпусини шакллантириш судьялик лавозимларига номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари тенглиги асосида амалга оширилади.

(“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 19-моддаси)

 

Судьялик лавозимларига номзодлар захираси

Кенгаш судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини (бундан буён матнда захира деб юритилади) шакллантиради.

Захирага киритилиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Кенгашга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Захирага судьялик лавозимлари учун зарур билимга эга бўлган, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга юқори малакали юристлар орасидан ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киритилиши мумкин.

Қуйидаги шахслар захирага киритилиши мумкин эмас:

  • муқаддам судланганлар;
  • одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларга ёки жисмоний нуқсонларга эга бўлганлар;
  • белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
  • ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилганлар.
  • Захирага киритиш судьялик лавозимига номзоднинг ушбу Қонунда назарда тутилган мезонларга муносиблигини ўрганиш ва Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган имтиҳондан муваффақиятли ўтиш натижаларига кўра Кенгашнинг қарори билан амалга оширилади.
  • Судьялик лавозимига номзод қуйидаги ҳолларда захирадан чиқарилади:
  • захирадан чиқариш тўғрисида ўзи ариза берганда;
  • судьялик лавозимларига номзодлар тайёрланадиган махсус курсларга қабул қилиш танловидан ўтмаганда;
  • унинг ўқиш ва стажировка натижалари қониқарсиз баҳоланганда;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;
  • унда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар пайдо бўлганда;
  • белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда;
  • вафот этганда ёки суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда;
  • жиноят ёки ўзининг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи бошқа хатти-ҳаракатлар содир этганда;
  • унинг судьялик лавозимига номуносиблиги ҳақида хулоса чиқарилганда.

Судьялик лавозимига номзод, агар у уч йилдан ортиқ муддат давомида судьялик лавозимига кўрсатилмаган бўлса ҳам захирадан чиқарилади.

(“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 20-моддаси)

 

Биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонлари

Бенуқсон обрў-эътибор, ҳалоллик, лаёқатлилик, етарли ҳаётий тажрибага эгалик, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ёки жисмоний нуқсонларнинг мавжуд эмаслиги биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонларидир.

(“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 21-моддаси)

 

Судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонлари

Судьяларнинг судьялик фаолияти даврида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлиши, ҳалоллиги, холислиги, адолатлилиги ва лаёқатлилиги судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонларидир.

Кенгаш янги ваколат муддатига тайинланадиган судьялик лавозимига номзодни кўриб чиқишда ушбу номзод томонидан қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлигини, одил судловни амалга ошириш ва қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш борасида етарли тажрибага эга эканлигини, шунингдек жамоатчиликнинг унинг касбий фаолияти ҳақидаги фикрини инобатга олади.

(“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 22-моддаси)

 

Судьялик лавозимига номзоднинг тиббий текширувдан ўтказилиши

Судьялик лавозимига номзодда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд эмаслигини тасдиқлаш учун у дастлабки тиббий текширувдан ўтказилади. Одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ва жисмоний нуқсонларнинг рўйхати Кенгашнинг ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланади. Одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар йўқлиги ҳақидаги ҳужжатнинг шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

(“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 23-моддаси)

 

Судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш

Судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш судьяларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек судьяларни қонун ҳужжатларидаги охирги ўзгартишлар ҳамда замонавий ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан таништириш мақсадида амалга оширилади.

Кенгаш судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Адлия вазирлиги, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси, илмий муассасалар, жамоатчилик вакиллари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Судьялар малакасини ошириш тадбирлари судьялар фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш натижаларига кўра, одил судловни амалга оширишда аниқланган тизимли камчиликлар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади.

(“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 25-моддаси)