БОЛАНИ АРОСАТДА ҚОЛДИРМАНГ!

04 октябрь 2018

Бир никоҳ бузилса, арш ларзага келади, дейилади муқаддас китобларда. Бир кунда мингларча никоҳлар бекор қилинаётган бугунги кунда фожиа кўламини ҳис қилиш қийин эмас.

razvod.png

 

Тасаввур қилинг, ҳар куни ўнлаб оила расман ажралади. Ўнлаб бола тирик етимга айланади. Тарбиядаги кемтикликлар, бола руҳиятидаги бўшлиқлар, шунинг баробарида моддий қийинчиликлар униб-ўсиб келаётган болани ҳам маънан, ҳам руҳан эзиб қўяди. 

Хўш, ажримларга нималар сабаб бўлмоқда? Ажримдан сўнг бола ким билан қолиши керак? Бу қандай мезонларга таяниб ҳал этилади? Шу каби саволлар билан Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ўткир Холовга мурожаат қилдик. 

– Ажримларга асосан ёшларнинг оилавий ҳаётга етарлича тайёр бўлмай оила қураётгани сабаб бўлмоқда, – дейди Ў. Холов. – Чунки, судга мурожаат қилаётганларнинг аксарият қисми ҳали 20 ёшга тўлмаган ёки 25 ёшга етмаган фуқароларни ташкил этмоқда. 

Ажримларда ота-оналар таъсири сезилаётир. Эр ёки хотиннинг бошқа давлатларга чиқиб кетаётгани ҳам оилада ишончсизлик пайдо бўлиши, ўзаро муносабатларнинг совишига олиб келмоқда. 

Никоҳдан ажратишга оид ишларни кўриш вақтида суд ҳал қилиши лозим бўлган масалалардан бири - бу вояга етмаган болаларнинг кимнинг тарбиясида қолиши ва таъминотини аниқлаштиришдир. 

Оила кодексида белгилаб қўйилганидек, ота-она ўз боласига нисбатан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Яъни, фарзандини тарбиялаш, таъминлаш борасида тенг жавобгар. 

Таассуфки, ота-она билан никоҳдан ажралиш ҳолати кузатиляптими – болалари тақдирига ҳам ё ота, ё она билан алоҳида яшаш битилган. Мана шундай ҳолатда бола кимнинг тарбиясида қолиши керак, деган масала кўндаланг бўлади. Кўп ҳолларда ота-онанинг ўзаро келишуви инобатга олинади. Низо келиб чиққан тақдирда судда боланинг яшаш жойини белгилаш бўйича алоҳида иш кўрилади. 

Бундай ишларда ота-онанинг болага нисбатан муносабати, уларнинг жамиятда юриш-туриши, ўзини тутиши, боланинг ота-онага нисбатан муносабати инобатга олинади. Биринчи навбатда боланинг манфаатидан келиб чиқиб, у учун яхши бўладиган ҳолатлардан келиб чиқиб масала ҳал этилади. 

Яна бир асосий фактор боланинг ёши, жинсини инобатга олишдир. Ота-онаси ажрашаётган пайтда бола эмизикли ёки ҳали икки-уч ёшга тўлмаган бўлса, бу жиҳатлар қайсидир маънода болани онаси билан қолдиришга асос бўлади. Бошқа томондан қонунларимизда белгилаб қўйилганки, ё отанинг, ё онанинг моддий устунлиги болани у билан қолдиришга асос бўлмайди. Бола қайси муҳитда яхши ўсиши, ўзини яхши ҳис қилиши, кимга кўпроқ боғлангани инобатга олинади. 

Бундан ташқари, боланинг ака-укалари, опа-сингиллари бор бўлса, уларнинг биргаликда бўлиши таъминланади. Баъзан учта фарзанддан биттасини олиб беринг, деган талаблар бўлади. Қандай қилиб? Болаларни бир-биридан ажратсангиз, бу уларга салбий таъсир қилиши мумкин. 

Ҳаётда бундай ҳолатлар бўлмаслиги мумкинми? Албатта! Оила қураётган ҳар бир шахс бу масалага жиддий ёндашса, оиласини асраса, фарзандлари аросатда қолмайди. 

 

ЎзА​​