БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

10 май 2019

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларининг туб замини келгуси авлод тақдири билан билан чамбарчас боғлиқдир. Жорий йилнинг 22 апрель куни Президентимизнинг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарорда белгиланган устувор вазифалар ва кафолатлар ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш имконини янада кенгайтирди.  Жумладан болаларга ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи, барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши, болаларнинг мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқилишининг кафолатланиши, 14 ёшга тўлган болаларнинг алимент ундириш тўғрисида судга даъво қўзғатишга ҳақли эканлиги, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши каби қўшимча ҳуқуқ ва кафолатлар берилди. 
 
Мазкур Қарорда келтирилган кафолатларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи бу-ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар меҳрибонлик уйида жойлаштирилганда ёки тегишли тартибда васийлик ва ҳомийликка берилган вақт давомида турар жойга бўлган ҳуқуқи сақланишини билдиради. Болаларга нисбатан бронлаштириш ҳуқуқи 18 ёшга тўлгунга қадар сақланиб қолади. Мазкур кафолат билан болаларнинг турар жойга бўлган ҳуқуқи улар вояга етгунга қадар ҳимояланади ҳамда улар вояга етгач қаровсиз қолинишини олди олинади.
 
Болаларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, тарбияси билан шуғулланмаслик келажакда оғир оқибатларни олиб келишини бартараф қилиш мақсадида болаларнинг фуқаролиги ва қаерда рўйхатда туришидан қатъий назар ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, таълимга оид, тиббий, реабилитация чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар мажмуи бўлган барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши мазкур Қарор билан кафолатланди.
 
Эндиликда болаларнинг давлат органларига қилган барча мурожаатлари тўлиқ кўриб чиқиш, уларни тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланди. 
 
Шунингдек, вояга етмаган болаларнинг моддий таъминотини яхшилаш,  ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан ғамхўрлик қилиш маъсулиятини ошириш мақсадида ўн тўрт ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида судга даъво қўзғатиш ҳуқуқи эга эканлиги ҳамда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши назарда тутилди.
 
Энг муҳим янгилик сифатида оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ёшидан қатьий назар ифода қилишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланди.
 
Биргина Фуқаролик ишлари Бухоро вилоят судлари томонидан жорий йилнинг 4 ойи давомида болаларнинг ҳуқуқларини суд тартибда ҳимоя қилиш ва қонунда белгиланган кафолатларини таъминлаш мақсадида 833  (шундан 757 та суд буйруғи тартибида) та алимент ундириш, 63 та бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш, 57 та фарзандини тарбиясига олиш, 48  та оталикни белгилаш, 15 та ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, 23 та оталикка эътироз билдириш ва 467 та оила билан боғлиқ бошқа фуқаролик ишлари кўриб тамомланган.  
 
 Бинобарин, Президентимизнинг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этилиши, 2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиланиши каби бир қанча янги нормаларнинг  киритилиши ва амалиётда татбиқ этилиши ёш авлоднинг ҳуқуқлари ва кафолатлари ҳимоя қилиш давлатимизнинг биринчи галдаги вазифаларидан эканлигини кўрсатади. 
 
Азамат Икромов, 
Фуқаролик ишлари бўйича 
Бухоро вилоят  суди раиси