ЯНГИ ҚОНУН: СУД ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИГА МАНСАБ ДАРАЖАЛАРИ БЕРИШ ТАРТИБИГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИЛДИ

20 май 2019

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 2 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган "Суд, Ўзбекистон Республикаси Судья­лар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида"ги Низомнинг тегишли моддаларига ўзгартиришлар киритилганини таъкидлаш лозим.


Хўш, бу ўзгартиришлар нималардан иборат?

Биринчидан, янги қонунга асосан Низомнинг номи "Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғ­риси­да"ги Низом деб ўзгартирилди. Бунда Президентимизнинг 2019 йил 6 январда қабул қилинган "Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумки, ушбу қарорга мувофиқ, яқинда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказининг ҳу­қуқ ва мажбуриятлари бў­йи­ча ҳуқуқий вориси сифатида Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

 Маълумот Ўрнида:

 Судьялар олий мактаби — судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судья­­лар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи давлат таълим ва илмий-тад­қиқот муассасаси ҳи­соб­ла­на­ди.­

 Судьялар олий мактабига давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси мақоми берилди. Ушбу олий мактаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судья­­лар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни амалга оширади.

Иккинчидан, Низомнинг биринчи моддасида белгиланган "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тад­қиқот маркази" деган сўз­лар "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби" деган сўзлар билан алмаштирилди.

Учинчидан, суд ходимларига бе­­­ри­ладиган мансаб даражалари қай­та кўриб чиқилди.

Шу пайтга қадар, хусусан, 1-даражали адлия маслаҳатчиси мансаб даражаси — фақат Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий суди Котибияти мудирига, Ўзбе­кис­тон Республикаси Олий суди бошқармалари бошлиқларига, Кенгаш котибига, Департамент директорига берилган.

Эндиликда ушбу мансаб даражаси — Олий мактабнинг кафедра мудирига, кафедра профессорига, кафедра доцентига, Департамент директорининг ўринбосарига ҳам бериладиган бўлди.

Шунингдек, 2-даражали адлия маслаҳатчиси мансаб даражаси — бундан буён Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта экспертларига, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бошқарма бошлиқлари ўринбосарларига ва бўлим бошлиқларига, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг, Олий суди раисининг ёр­дамчиларига, Кенгашнинг етакчи инспекторларига ва биринчи бўлими мудирига, Олий мактабнинг бўлим бошлиқларига, кафедра ўқи­тувчиларига, Департаментнинг бўлим ва ҳудудий бў­лимлари бошлиқларига берилади.

Ўз навбатида, 3-даражали адлия маслаҳатчиси мансаб даражаси — эндиликда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг экспертларига, Ўз­бекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раё­сати котибиятининг бошлиғига, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бўлим бошлиқлари ўринбосарларига, бош ва катта консультантларига, Кенгашнинг архив мудирига ва девонхона мудирига, Олий мактабнинг юрисконсультига, бош ва етакчи мутахассисларига, Департаментнинг бош мутахассисларига, кадрлар бўйича бош инспекторига ва юрисконсультига бериладиган бўлди.

 

Аввалги таҳрири

Киритилган ўзгартиш

1-даражали юрист

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларининг, иқтисодий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг бўлим бошлиқларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларининг, иқтисодий судларининг бош мутахассисларига (бош консультантларига), судья катта ёрдамчиларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьясининг катта ёрдамчиларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьясининг ёрдамчиларига, Марказнинг кадрлар бўйича катта инспекторига, Департаментнинг бош мутахассисларига, кадрлар бўйича бош инспекторига ва юрисконсультига;

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг бўлим бошлиқларига,

бош мутахассисларига,

судья катта ёрдамчиларига,

Олий мактабнинг девонхона мудирига,

архив мудирига;

 

2-даражали юрист

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларининг, иқтисодий судларининг катта мутахассисларига (катта консультантларига), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларининг, иқтисодий ва маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг девонхона мудирларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг малака ҳайъатлари котибларига, Департамент ҳудудий бўлимларининг бош мутахассисларига;

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг катта мутахассисларига,

девонхона мудирларига,

судьялар малака ҳайъатлари котибларига,

Департамент ҳудудий бўлимларининг бош мутахассисларига;

 

3-даражали юрист

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг судья ёрдамчиларига, девонхона мудирларига, туман (шаҳар) маъмурий судларининг судья ёрдамчиларига, ҳудудий ҳарбий судларнинг судья ёрдамчиларига берилади.

 

туманлараро, туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг судья ёрдамчиларига,

девонхона мудирларига;

 

 Қонунда, шунингдек, Ўзбекис­тон Республикаси Конституциявий судининг раиси, Олий судининг раиси, Кенгаш раиси юқо­рида назарда тутилмаган лавозимни штат жадвалида мавжуд муайян лавозимга тенглаштиришга ҳамда 1-даражали адлия маслаҳатчиси ва унгача бўлган мансаб даражасини беришга ҳақлилиги белгилаб қўйилди.

 Аттестация комиссия­си — раис, раис ўринбосари, беш нафар комиссия аъзолари ҳамда масъул котибдан иборат таркибда Олий суд раисининг таклифига асосан Олий суд Раёсати қарори билан тасдиқланади.

 Олий суд Раёсатининг 2017 йил 30 августда қабул қилинган "Ўз­бекистон Республикаси Олий су­ди, қуйи судлар, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳу­дудий бўлимлари ходимларига мансаб даражаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорида ушбу мансаб даражаларини олиш бўйича тартиб-таомиллар кўзда тутилган.

Хусусан, қарорнинг 1-иловасига асосан "Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қуйи судлар, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига мансаб даражаларини бериш тартиби тўғрисида Низом" тасдиқланган. Низом асосида мансаб даражалари Суд ва Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига мансаб даражаларини бериш бўйича аттестация комиссия­сининг хулосасига асосан Олий суд раиси томонидан берилади.

111111111111111111111111111.png

 Ҳар бир мансаб даражасида бўлиш муддати ижобий аттестация мавжуд бўлган тақдирда, 3, 2, 1-даражали юристлар учун икки ярим йилни, 3 ва 2-даражали адлия маслаҳатчилари учун тўрт йилни ташкил қилади.

Ходимга муддатидан олдин юқорироқ мансаб даражаси унга аввал берилган мансаб даражасида бўлиш муддати тугамаган тақ­дирда ҳам берилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, янги қонун билан "Суд, Ўзбекистон Республикаси Судья­лар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Судья­лар олий кен­гаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида"ги Низомга киритилган ўз­гартиш ва қўшимчалар суд соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг ўз касбига бўлган меҳри ва шижоатини янада оширишга қаратилган.

 

Шавкат ГАЙБЕРДИЕВ,
Олимжон РЎзимуродов,
Олий суд катта консультантлари