Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

ҲУКМ АДОЛАТГА БЎЙСУНАДИ

05.10.2017

Юртимизда судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида шакллантириш ҳамда уни инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи мустақил институтга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жамиятимизнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида ўзини ҳар томонлама намоён этаётган тадбиркорлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижалари ҳам буни тасдиқлайди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш республикада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Энг муҳими, у замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, тобора такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, Асосий Қонунимизда ҳар бир шахс мулкдор бўлиши, Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулклар ташкил этиши белгилаб қўйилган. Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тадбиркорларимиз ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли жиноят ишларини кўриб чиқишда ҳам ана шу тамойилларга амал қилинаётгани ўз самарасини бераётир.

Буни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан жорий йилнинг олти ойида 225 нафар шахсга нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 168 та жиноят иши кўрилгани ва шундан 27 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилгани мисолида ҳам англаш мумкин. Ўтган йилнинг шу давридагига қиёслайдиган бўлсак, ушбу кўрсаткич 2 баробар камайган. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар судларда адолатли кўрилаётганини билдиради. Жорий йилнинг олти ойи давомида пойтахтимиз бўйича 24 нафар тадбиркорга тааллуқли 18 та жиноят иши тугатилди, 14 нафарига оид 12 та жиноят иши Жиноят кодексига мувофиқ, томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тўхтатилди.

Сўзимиз тасдиғи сифатида Учтепа тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан рўйхатга олинган “Л. Сардиева” номли тадбиркорлик субъекти билан боғлиқ жиноят ишини келтириш мумкин. Якка тартибдаги тадбиркор Л. Сардиева турмуш ўртоғи билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 августдаги “Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларини муттасил бузиб келган. Улар ўз фаолияти давомида тахта-ёғоч маҳсулоти сотувидан тушган 2,5 миллиард сўмлик маблағни инкассация қилмасдан, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2016 йил 6 ноябрдаги ҳукмига кўра, улар 1 йил муддатга савдо ва воситачилик ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган, шунингдек, ҳар иккисига энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима солинганди.

Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг соҳага оид қатор Фармон ва қарорларидан келиб чиқиб, ушбу иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация судлов ҳайъати томонидан қайта кўриб чиқилди ҳамда уларга қўлланилган 1 йил муддатга савдо ва воситачилик ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси олиб ташланди.

Умуман олганда, судлар томонидан тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. Пировардида эса “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоялар ўзининг ҳаётий исботини топмоқда.
 

Ориф ҚЛИЧЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар суди судьяси

(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 5 октябрь)